Маҳсулот ҳақида
Александр Романович Беляев нафақат рус, балки жаҳон адабиётида ҳам эътироф этилган ёзувчилардандир. Шунингдек, адабиёт тарихида Александр Беляев каби асарлари кўп экранлаштирилган, ижоди кўп ўқилган адиб бармоқ билан санарли. Рус фантастик адабиёти асосчиларидан бири бўлган бу ижодкор каби ҳаёти фожиаларга тўла, машаққатларни енга олган матонатли инсон ҳам кам топилади. Ёзувчи яшаб, ижод қилган йиллар ижтимоий ҳаётда фидойилик, ғайрат, ташаббус, айни вақтда ғоявий догматизм, қатағонлар авж олган, эркин ижодкорлар таъқибга учраган оғир синов йиллари эди. Унинг асарлари қолипдан узоқлиги, инсоният дарду-ҳасратлари, орзу-армонларига хайрихоҳлиги, ёвузликка нафрат туйғулари билан йўғрилгани туфайли жуда кўп танқидларга ҳам учради. Халқнинг меҳрини ҳам қозонди. Унинг асарларидаги романтик орзулар, илмий ва маънавий хазиналар ёш авлодни ҳамиша тўлқинлантиради ва эзгуликка чорлайди.





